Qoʻmitaning vazifalari
Boshlang‘ich kasaba uyushma qo‘mitasi raisi
Samandarov gʻafurjon zaribovich
Telefon raqami 93 740-01-82
Email gofurjonn@gmail.com
Mehnat sharoitini, mehnat xavfsizligi va muhofazasini yaxshilash;
Institut xodimlarining ish bilan band bo‘lishi hamda ular uchun ijtimoiy imtiyozlarning kafolatlanishi;
Ishchi-xodimlar hamda talabalarni rag‘batlantirish va mukofotlash;
Institut vakolatlari doirasida ijtimoiy-iqtisodiy xarakterdagi boshqa muammolar bo‘yicha birgalikda kelishilgan qarorlar qabul qilish;
Institut profilaktoriyasida davolanish uchun xodimlarga imtiyozli yo‘llanmalar berilishini ta’minlash;
Professor - o‘qituvchi va ishchi - xodimlarga sport-sog‘lomlashtirish maskanlarida dam olish uchun beriladigan imtiyozli yo‘llanmalar ajratish.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси
УСТАВИ
I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси (кейинги ўринларда “Касаба уюшмаси” деб юритилади) Ўзбекистон Республикасидаги таълим, Фанлар академияси тасарруфидаги муассаса ва ташкилотларда ҳамда ушбу соҳалардаги нодавлат ташкилотларида фаолият тури бўйича умумий манфаатлар билан бирлашган ходимлар, талаба ва ўқувчи-ёшлар, қисман иш билан банд бўлганлар ёки вақтинча ишсизлар, ишламайдиган пенсионерларнинг (бундан кейинги матнда “Касаба уюшмаси аъзолари” деб юритилади) ихтиёрий асосда тузилган нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси ҳисобланади.
2. Касаба уюшма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади, ҳудудлар миқёсида ўзининг тузилмаларига эга бўлади.
3. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида” ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг таъсис ҳужжатлари ҳамда мазкур Устав асосида амалга оширади.
4. Касаба уюшмаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан келишган ҳолда ходимларнинг штатлар жадвалини шакллантиради.
Касаба уюшмаси аввалги “Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси”нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
5. Касаба уюшмаси таркибий тузилмалари (ҳудудий бўлинмалари)ни тузиш, ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бўлинмаларнинг раҳбар органлари тўғрисидаги қоидалар ҳамда бўлинмаларнинг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари мазкур устав ҳамда касаба уюшмаси Республика кенгашининг низомларида белгиланади ва қарори билан тасдиқланади.
6. Касаба уюшмаси ўз Уставида белгиланган мақсадларга ҳамда вазифаларга мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган ҳолда, бошқа мамлакатларнинг касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилиши, халқаро ва бошқа касаба уюшмалари бирлашмалари ҳамда ташкилотларга аъзо бўлиши мумкин.
7. Касаба уюшмаси ижро ҳокимияти органлари, меҳнат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунлар ижроси устидан текширув ва назоратни амалга оширувчи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек иш берувчилар бирлашмалари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, юридик шахслар ҳамда фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
8. Касаба уюшмаси ўз фаолиятида, шу жумладан молиявий фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
9.Касаба уюшмасининг номланиши:
ўзбек тилида: Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси;
рус тилида: Профессиональный союз работников образования и науки Узбекистана;
инглиз тилида: The Trade Union of Education and Science workers of Uzbekistan.
10. Касаба уюшмасининг доимий фаолият кўрсатувчи раҳбар органи жойлашган манзили (почта манзили): 100165, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 24-уй.
II. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
11. Касаба уюшмасининг асосий мақсади ўз аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилишдан иборат.
12. Касаба уюшмаси:
-иш берувчилар билан тармоқ келишувлари, юридик шахс мақомига эга муассаса ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилишига эришади, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
-меҳнатга оид ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, меҳнат ҳуқуқи нормаларини ўз ичига олган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
-касаба уюшмаси аъзоларига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар беради ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида зарур ҳолларда даъво аризалари билан судга мурожаат қилади;
-меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг тўланишида ижтимоий адолатли тизим жорий этилишига кўмаклашади;
-ҳар бир касаба уюшмаси аъзосининг меҳнатга оид, мутахассисликка эга бўлиш, малакасини ошириш, муносиб ва ўз вақтида иш ҳақи олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлайди;
-касаба уюшмаси аъзолари ўртасида маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт, соғломлаштириш тадбирларини ҳамда дам олишларини ташкил этади;
-маданият, туризм, оммавий жисмоний тарбия ва спорт, санаторийларда даволаш, болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришни ривожлантириш масалаларида давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бирлашмалар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;
-касаба уюшмаси фаолиятининг кенг ошкоралигини таъминлаш учун ахборот тарқатиш ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради;
-ходимлар ҳамда талаба, ўқувчи-ёшларнинг меҳнат ва таълим олиш шароитлари, ҳаёт даражасига таъсир қиладиган жараёнларни ўрганади ва таҳлил қилади.
13. Касаба уюшмаси амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўз Устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.
III. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
14. Касаба уюшмаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
-ўз аъзоларининг касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид ва бошқа ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;
-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси, шунингдек суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш;
-ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;
-давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;
-ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари масалалари юзасидан бепул ахборот олиш;
-оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳамда белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
-ўзининг мақсад ва вазифаларига қаратилган танлов, тадбир ва анжуманлар ташкил этиш, ўтказиш, касаба уюшмаси ходимлари ва фаолларини рағбатлантириш;
-Уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш;
-ўз рамзий белгиларини таъсис этиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказиш;
-ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, конференциялар, Қурултойлар ўтказиш;
-касаба уюшмаси, унинг бўлинмалари ва бошланғич ташкилотлари иш берувчилар томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек жамоа шартномалари ва келишувлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.
-давлат органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг очиқ хайъат мажлисларида иштирок этиш.
Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
15. Касаба уюшмасининг мажбуриятлари:
-қонун ҳужжатларига риоя этиш;
-ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;
-рўйхатдан ўтказувчи орган вакилига ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;
-ўз аъзолари олдида камида бир йилда бир марта ўз фаолияти ҳақида ҳисобот бериш;
-рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш.
Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.
IV. КАСАБА УЮШМАСИ АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
16. Касаба уюшмасига аъзо бўлиш ихтиёрийдир.
Касаба уюшмаси Устави талабларини тан олувчи ва бажарувчи, аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб борувчи 15 ёшга тўлган ҳар бир жисмоний шахс касаба уюшмаси аъзоси бўлиши мумкин.
Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш талабгорларнинг шахсий аризасига биноан касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг умумий йиғилиши ёки қўмита мажлисида амалга оширилади.
Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш санаси тегишли қарор қабул қилинган кундан ҳисобланади. Касаба уюшмасига қабул қилинган шахсга бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти томонидан аъзолик билети берилиши мумкин.
Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти бўлмаган муассаса, корхона ва бошқа иш жойларида касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ва чиқариш туман (шаҳар) ва касаба уюшма бирлашган ташкилотининг Ижроия қўмиталари томонидан амалга оширилади.
17. Меҳнат фаолияти ёки ўқишни вақтинчалик тўхтатган, аъзолик бадалларини тўлаб турган касаба уюшмаси аъзолари учун касаба уюшмасига аъзолик сақланиб қолинади.
18. Касаба уюшмаси аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
-касаба уюшмаси органларидан ҳуқуқий ёрдам олиш ҳамда давлат, суд ва мулк шаклидан қатъий назар, хўжалик органларида меҳнат муносабатларига оид масалалар бўйича касаба уюшмасининг ҳимоясида бўлиш;
-касаба уюшмаси органларига сайлаш ва сайланиш;
-касаба уюшмасининг тадбирларида иштирок этиш, ўз фикрини эркин баён қилиш, ўз фаолияти ва хулқ-атворига тааллуқли масала кўрилаётган мажлис, йиғилиш, конференцияларда шахсан иштирок этиш;
-юқори касаба уюшмаси органларига мурожаат этиш;
-Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги ва бошқа санаторийларга, корхона (ташкилот)ларнинг санаторий-профилакторийлари-га, дам олиш масканларига, болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар олиш, маданият муассасалари ва спорт иншоотларидан фойдаланиш;
-бир вақтнинг ўзида 2 та касаба уюшмасига аъзо бўлиш (мисол учун ўриндошлик асосида ишлаётганлар);
-шахсий аризасига кўра касаба уюшмаси аъзолигидан эркин чиқиш.
19. Касаба уюшмаси аъзоларининг мажбуриятлари:
-касаба уюшмаси Уставига риоя қилиш ва касаба уюшмаси органлари қарорларини бажариш;
-касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятида иштирок этиш;
-жамоа шартномалари ва келишувлари мажбуриятларининг бажарилишига кўмаклашиш;
-аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаб бориш;
-касаба уюшма фаолиятига тўсқинлик қиладиган ва зарар келтирадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик.
20. Уставда белгиланган вазифаларни бажармаган касаба уюшмаси аъзосига нисбатан қуйидаги жамоатчилик таъсир чоралари қўлланиши мумкин:
-огоҳлантириш;
-касаба уюшма аъзолигидан чиқариш.
Жамоатчилик таъсир чоралари бевосита ножўя ҳатти-ҳаракат аниқлангандан сўнг бир ой ичида, лекин у аниқланган кунидан олти ойдан кечикмасдан қўлланилади, бунда касаба уюшма аъзоси касал бўлган ёки таътилда бўлган вақт ҳисобланмайди.
Ҳар бир ножўя хатти – ҳаракат учун касаба уюшма аъзосига фақат битта жамоатчилик таъсир чораси қўлланилади.
21. Касаба уюшмаси аъзосига жамоат таъсири чораларини қўллаш масаласи унинг иштирокида, узрли сабабларсиз келмаган ҳолларда эса унинг иштирокисиз касаба уюшма гуруҳи, цех, бошланғич ташкилот умумий йиғилишида ёки унинг сайлаб қўйиладиган коллегиал раҳбар органи мажлисида, шунингдек, касаба уюшмаси юқори раҳбар органларининг ташаббуси билан уларнинг мажлисларида, кейинчалик касаба уюшмаси аъзоси ҳисобда турган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини қабул қилинган қарордан хабардор этган ҳолда ҳал қилинади.
Касаба уюшмаси аъзосидан жамоат таъсири чорасини олиб ташлаш масаласи тегишли касаба уюшмаси органи йиғилиши томонидан қўлланилган кундан камида уч ойдан сўнг кўриб чиқилиши мумкин.
22.Касаба уюшма аъзоси жамоат таъсири чораси қўлланилиши устидан касаба уюшмасининг юқори раҳбар органига шикоят билан мурожаат қилиши мумкин. Шикоят мазкур касаба уюшмаси раҳбар органи томонидан бир ойдан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
23. Суд томонидан жиноят содир этганликда айбланган ва озодликдан маҳрум этилган касаба уюшмаси аъзоси ўзи ҳисобда турган бошланғич ташкилот умумий йиғилиши, қўмитасининг ёки юқори касаба уюшмаси раҳбар органининг қарори билан аъзоликдан чиқарилади.
24. Касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилган ёки чиққан шахс касаба уюшмаси томонидан ўзининг ижтимоий - меҳнат ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, бепул ҳуқуқий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эмас.
Тўлаган аъзолик бадаллари унга қайтарилмайди.
6 ойдан ортиқ узрсиз сабабларга кўра аъзолик бадалини тўламаган касаба уюшмаси аъзоси касаба уюшмаси аъзолигидан чиққан ҳисобланади.
25. Касаба уюшмаси фаолиятида фаол қатнашганлиги учун касаба уюшмаси аъзолари касаба уюшмаси органлари томонидан белгиланган тартибда маънавий ва моддий рағбатлантирилиши мумкин.